Барқарор ривожланиш маркази 

  • O‘zbek
  • Ўзбек
  • Русский
  • English
  • Français

Замонавий конституционализм: миллий ва хорижий тажриба халқаро конференция

16-11-2021 44

    2021 йил 14 декабрь куни Тошкентда “Замонавий конституционализм: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.

    Мазкур форум Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Барқарор ривожланиш маркази ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида ташкил этилди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтлари, сиёсий партиялар, мамлакатнинг академик ҳамжамияти вакиллари, шунингдек, чет эллик олим ва экспертлар, халқаро ташкилотлар ва чет эл дипломатик корпуси вакиллари иштирок этди.

    Анжумандан кўзланган мақсад – ҳозирги даврда турли мамлакатларда конституционализмнинг ривожланиш тенденцияларини аниқлаш ва таҳлил қилиш, бу борадаги илғор миллий ва халқаро тажрибани қиёсий ўрганиш, шунингдек, мамлакатимизнинг Асосий қонунини жамиятдаги реал воқеликка, шиддатли демократик ислоҳотлар мантиғига мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш масалалари бўйича атрофлича фикр алмашиш.

    Конференция иштирокчилари ҳар қандай демократик ислоҳотлар мустаҳкам конституциявий-ҳуқуқий асосга эга бўлсагина бардавом ва самарали бўлишини алоҳида таъкидладилар. Зеро, жаҳон тажрибаси модернизация жараёнларига, асосан, қуйидаги икки омил тўсиқ бўлиши мумкинлигини кўрсатади:

    биринчиси, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларнинг ўзаро мутаносиблиги таъминланмаганлиги, бир-биридан ортда қолиши. Бу турли инқирозларга сабаб бўлиши мумкин;

    иккинчиси, мавжуд конституциявий-ҳуқуқий асос, адолатли фуқаролик жамиятининг ривожланиш ҳолати, фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий онги ва маданияти даражаси демократик ислоҳотлар шиддатига тайёр эмаслигидир.

    Шу боисдан Конституция ва қонунлар давр шиддати ва талаби, ислоҳотлар ва халқ эҳтиёжларидан келиб чиқилган ҳолда, доимий равишда такомиллаштириб борилади. Бугун дунёда ҳеч бир конституция илк қабул қилинган таҳририда сақланиб қолмаган. Биргина XXI асрда дунёнинг 90 га яқин давлатида конституциявий ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилди, 57 тасида янги конституция қабул қилинди. Конституцияга энг кўп ўзгартириш ва қўшимчалар киритган ўнта давлатлар сирасига Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия ва Ҳиндистон киради.

    Бунда турли мамлакатлардаги конституциявий ўзгаришлар, асосан, ташқи ҳамда ички таҳдид ва хатарларни инобатга олиб, уларга жавоб беришга қаратилганлиги билан ўзаро ўхшашлигини таъкидлаш жоиз. Замонавий конституциялар бундан юз йил олдин унчалик кўзга ташланмаган янгидан-янги – атроф-муҳит, гендер тенглиги, инсон, айниқса, ногиронлиги бўлган шахслар, келажак авлод ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш каби масалаларни қамраб олган. Уларда, шунингдек, ахборотлашган жамиятни шакллантириш, шахсий рақамли маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш, илмий-технологик ва инновацион ривожланиш, тўғридан-тўғри электрон демократия ва халқ қонунчилик ташаббуслари элементларини жорий этиш каби бошқа замонавий масалалар ҳам ўрин олган.

    Анжуманда сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам Янги Ўзбекистонни барпо этиш, эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ўзаро боғлиқ ва моҳиятан бир-бирини тақозо этувчи туб демократик сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилганлиги алоҳида қайд этилди. Ҳаракатлар стратегияси доирасида Конституциянинг 21 та моддасига 9 маротаба 32 та ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

    Шу билан бирга, глобаллашув, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши ва жадал ўзгариб бораётган давр талаби асосида мамлакатни янада модернизация қилиш, тинчлик, барқарорлик ва миллий мустақилликни мустаҳкамлаш борасида ўта долзарб янги вазифалар қўйилаётгани таъкидланди. Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясида мамлакатни модернизация қилишнинг етти йўналиши бўйича 50 дан ортиқ кодекслар, қонунлар, стратегиялар, концепция ва дастурлар кўзда тутилган, 100 дан ортиқ бошқа ташаббуслар илгари сурилганлиги кўрсатиб ўтилди.

    Тараққиёт стратегияси қонунчилик, ҳуқуқий тафаккур ва ҳуқуқни қўллаш тизимини, жамиятнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини умуминсоний қадриятлар ва барқарор ривожланиш тамойилларига йўналтиради. Президентнинг электорат таклифларини умумлаштириб белгиланган 9 та йўналиш бўйича Асосий қонунни такомиллаштириш мамлакатдаги ислоҳотларнинг конституциявий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга хизмат қилиши эътироф этилди.

    Конференция иштирокчилари Тараққиёт стратегиясида илгари сурилган мақсадларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши мамлакатда демократик ислоҳотларни янги сифат босқичига олиб чиқиши борасида алоҳида тўхталиб ўтдилар.

    Бу, биринчи навбатда, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати йўлида” устувор тамойилни тўлиқ амалга ошириш билан боғлиқдир. Шу ўринда қайд этиш лозимки, “инсон қадр-қиммати” – фуқароларнинг тинч ва хавфсиз ҳаётини, асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, муносиб турмуш шароитини таъминлаш ва замонавий инфратузилмани яратиш, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя ва соғлом экологик муҳитни яратиш демакдир.

    Тараққиёт стратегиясида “Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат” принципини ҳаётга татбиқ этиш бўйича конституциявий нормани мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жаҳон тажрибасига кўра, ижтимоий давлат – бу рақобатли бозор иқтисодиёти, турли пандемия ва эпидемиялар шароитида ўз фуқароларига маълум бир минимал фаровонликни кафолатлайдиган давлат. Бу жамият тузилмасини ташкил этишнинг муайян бир шакли бўлиб, унинг мақсади инсонни шахс сифатида намоён этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда давлатни такомиллаштиришнинг ҳуқуқий кафолатини таъминлайдиган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий муносабатларни юқори даражада ривожлантиришдир.

    Анжуманда конституциявий ислоҳотлар жараёнида қуйидаги масалаларга устувор даражада эътибор қаратиш лозимлиги муҳокама этилди:

    биринчи, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва инсоннинг иқтисодий ҳуқуқларини таъминлашнинг энг муҳим ва зарур шарти сифатида хусусий мулк, жумладан, ер ва фойдали қазилмалар дахлсизлиги ва ҳимояси тамойилларини амалга ошириш;

    иккинчи, суд фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш тарафдори бўладиган, ижро ҳокимияти органларини қонун доирасида фаолият юритишга мажбур қиладиган, жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган тизимни яратиш;

    учинчи, хорижий тажрибага мувофиқ, хусусий мулкнинг асосий конституциявий-ҳуқуқий жиҳатларини белгилаш. Аксарият давлатлар конституцияларида хусусий мулк ҳуқуқи инсоннинг конституциявий ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилади.

    тўртинчи, конституцияда нафақат хусусий мулкнинг субъектив ҳуқуқи, балки объектив ҳуқуқ институти сифатидаги хусусий мулкнинг энг муҳим белгилари, энг аввало, унинг бошқа мулк шакллари билан муносабати, хусусий мулкнинг ижтимоий хусусиятини белгилаш ва бошқа шу каби масалалар.

    Анжуман иштирокчиларининг фикрига кўра, ҳозирги вақтда кўпгина ривожланган давлатлар глобал иқлим ўзгаришларини ҳисобга олган ҳолда, ўз конституцияларига махсус экологик бўлимларни киритмоқдалар. Бу борада Франция, Россия ва бошқа Европа давлатларининг ўз экологик хартияларини Конституциянинг таркибий қисмлари сифатида қабул қилиш борасидаги тажрибалари эътиборга моликдир.

    Шу билан бирга, кўплаб давлатлар тўртинчи саноат инқилобига қадам қўяётган шароитда Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини амалда таъминлаш, шунингдек, ахборотлашган жамиятни шакллантириш мақсадида давлат томонидан ахборот технологиялари ва “рақамли конституциявий институтлари”дан фойдаланишни қўллаб-қувватлашнинг конституциявий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқиш зарур.

    Халқаро конференция иштирокчилари барча масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашдилар ва тегишли тавсияларни илгари сурдилар.

    Матбуот хизмати